>

Алоуддин Мансур — 218

10:79 Фиръавн ўз одамларига: «Барча билимдон сеҳргарларни келтирингиз!», деди.

10:80 Бас, сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсаларингизни (яъни, асо ва арқонларингизни) ташланглар», деди.

10:81 Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди.

10:82 Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (яъни, амру фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».

10:83 Шунда Мусо қавмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир.

10:84 Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!»

10:85 Бас, улар айтдилар: «Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавмга мафтун — алданувчи қилиб қўйма.

10:86 Ва Ўзинг раҳм айлаб бизларни бу кофир қавмдан қутқар».

10:87 Биз Мусо ва унинг биродарига: «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар. (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида) хушхабар беринг», деб ваҳий юбордик.[5]

10:88 Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришлари учун шундай қилдинг. Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар.