>

Алоуддин Мансур — 216

10:62 Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар.

10:63 Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир.

10:64 Улар учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъматларга эришиш) буюк саодатдир.

10:65 Уларнинг (кофирларнинг «Сен пайғамбар эмассан», деган) сўзлари сизни ғамгин қилмасин. Бутун куч-қудрат Аллоҳникидир. У эшитгувчи, билгувчидир.

10:66 Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги ва Ердаги барча жонзот ва махлуқот Аллоҳникидир. Аллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар, холос.[4]

10:67 У сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ бўлган кундузни яратиб қўйган Зотдир. Албатта, бунда қулоқ тутиб англовчи қавм учуч оят-аломатлар бордир.

10:68 «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо покдир. У беҳожатдир. Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Аллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтаверасизларми?

10:69 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар».

10:70 (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб торттирурмиз.