>

Алоуддин Мансур — 215

10:54 Улар азобни кўрган вақтларида агар ўзига жабр қилган (яъни, кофир бўлиб ўтган) ҳар бир жон учун Ердаги бор нарса бўлса, у (ўша азобдан қутулиш учун) албатта уни (бор нарсасини) фидо қилган ва (иймон келтирмагани учун) афсус-надоматлар чеккан бўлур эди. (У кунда) уларга зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур. (Яъни, бу дунёдаги қилмишларига яраша жазоланурлар).

10:55 Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги нарсалар, шубҳасиз, Аллоҳникидир. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳаққи-рост ваъдадир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.

10:56 У тирилтирур ва ўлдирур. Ва Унгагина қайтарилурсизлар.

10:57 Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги (бузуқ эътиқодлардан иборат) нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди.

10:58 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, Ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир».

10:59 Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!»

10:60 Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар Қиёмат Куни ҳақида қандай гумон қилар эканлар-а? Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир, лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

10:61 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичикроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас — албатта, очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуд бўлур.