Алоуддин Мансур — 214
10:43 Уларнинг орасида сизга қараб турадиганлари ҳам бор (аммо кўр одамдек, сиздаги пайғамбарлик белгиларини кўрмайдилар). Ахир сиз, агар ўзлари кўрмасалар, кўр кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?!
10:44 Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар (Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар.
10:45 (Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини танирлар. Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар муҳаққақ зиён қилдилар ва ҳақ йўлга юргувчи бўлмадилар.
10:46 Агар уларга ваъда қилаётганимиз азобни сизга кўрсатсак ҳам (яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган азобларини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) сизни вафот қилдирсак ҳам, ҳар ҳолда Ўзимизга қайтишлари бордир. Қолаверса, Аллоҳ улар қилаётган барча ишларга гувоҳдир.
10:47 Ҳар бир миллат учун пайғамбар бўлур. Бас, қачон пайғамбарлари келганида, ўша (миллат)ларга зулм қилинмаган ҳолда, уларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур.[3]
10:48 Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!», дейдилар.
10:49 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен агар Аллоҳ хоҳламаса (ўзгалар у ёқда турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман. (Бинобарин, келажак, ғайб илмларидан ҳам хабардор эмасман, лекин) ҳар бир миллат-авлод учун бир ажал бордир. Қачон ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар.
10:50 Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар У зотнинг азоби сизларга кечаси ё кундузи келса (бундан сизларга не фойда?) Бу жиноятчи кимсалар (яъни, мушриклар) у азобнинг нимасини шоштирмоқдалар-а?!
10:51 Ўшанда (Аллоҳнинг азоби бошингизга) тушганида (сизларга): «Унга иймон келтирдингизлар? Энди-я?! Ахир (азоб тушишига ишонмай) уни шоштираётган эдингизлар-ку?!» (дейилур).
10:52 Сўнгра ўзларига зулм қилган бу кимсаларга айтилур: «Мангу азобини тотингиз! Сизлар фақат ўзларингиз касб қилган гуноҳларингиз сабабли жазоланмоқдасиз».
10:53 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан: «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?», деб сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар (ундан) қочиб қутулгувчи эмассизлар».