>

Алоуддин Мансур — 210

10:15 Қачон уларга (уларнинг олдида) Бизнинг очиқ равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқурман».

10:16 Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир, ақл юргизмайсизларми?[2]

10:17 Ахир Аллоҳ шаънига бўҳтон қилган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!Албатта (бундай) жиноятчи кимсалар нажот топмаслар.

10:18 Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?!» Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган Зотдир.

10:19 (Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томонидан (яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари фақат Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз бўлмаганида эди, талашиб-тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар).

10:20 Улар: «Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) Парвардигори томонидан оят-мўъжиза тушса эди», дейдилар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ғайб (яъни, келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Аллоҳникидир. Бас, кутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман».