>

Алоуддин Мансур — 207

9:123 Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.

9:124 Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар.

9:125 Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларни эса динсизликларига яна динсизлик қўшур ва улар кофир ҳолларида ўлурлар.

9:126 Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар.

9:127 Қачонки бирон сура нозил қилинса, (у мунофиқлар) «Сизларни биронта (мусулмон) кўриб қолмадими?», деб бир-бирларига қараб оладилар-да, сўнгра (уйларига) жўнаб қоладилар. Улар (ҳақни) англамайдиган қавм бўлганлари сабабли, Аллоҳ дилларини (Қуръонни фаҳмлашдан) буриб қўйгандир.

9:128 (Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (Тўғри Йўл — Ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку!

9:129 Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш Соҳибидир».