Алоуддин Мансур — 205
9:112 (Улар — тавба қилгувчилар Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилгувчилар, шукр қилгувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилгувчи (мўминлар)дир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!
9:113 На пайғамбар ва на бу мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир.
9:114 Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир.
9:115 Аллоҳ бирон қавмни ҳидоят қилганидан кейин то уларга сақланишлари лозим бўлган нарсаларни аниқ баён қилиб бермагунича, уларни йўлдан оздиргувчи бўлмади (яъни, ҳамма нарсани билиб туриб ўзларини сақламаган кимсаларнигина йўлдан оздирди). Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.
9:116 Албатта, осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳнинг Ўзи учундир. У ҳаёт ва ўлим берур. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бордир.
9:117 Ҳақиқатан, Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир.