>

Алоуддин Мансур — 204

9:107 Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар.[13]

9:108 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар.

9:109 Бас, бу биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас.

9:110 Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолур. Магар юраклари ёрилиб — жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлур). Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.[14]

9:111 Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир.