>

Алоуддин Мансур — 203

9:100 Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир.

9:101 Сизларнинг атрофингиздаги аъробийлар орасида мунофиқлар бор. Мадина аҳолиси орасида ҳам (мунофиқлар бордир). Улар доимий нифоқдадирлар, (лекин) сиз уларни билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш, ўлганларидан кейин эса қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (Қиёмат Кунида) улуғ азобга қайтарилурлар.

9:102 Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа — ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса ажабмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

9:103 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

9:104 Улар (гуноҳкорлар) Аллоҳнинг Ўзи бандалари томонидан бўлган тавбани қабул этишини, садақаларни ҳам (Ўз даргоҳида) қабул қилишини ва ҳақиқий тавбаларни қабул этгувчи ва меҳрибон зот Аллоҳнинг Ўзи эканини билмадиларми?!

9:105 Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур».

9:106 Яна бошқа бир (гуруҳ, ғазотга чиқмаган)лар борки, улар Аллоҳнинг амрига қолдирилурлар — У зот Ўзи уларни ё азобга гирифтор қилар, ёки тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.[12]