>

Алоуддин Мансур — 202

9:94 Уларнинг олдига қайтган вақтингизда (ғазотга бора олмаганликлари учун) сизлардан узр сўрайдилар. Айтинг: «Узр сўраманглар, сизларга ҳаргиз ишонмаймиз. Аллоҳ бизни сизларнинг ҳоли-хабарингиздан огоҳ қилди. Шубҳасиз, амалларингизни Аллоҳ ва Унинг пайғамбари кўриб туради. Сўнгра ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор ишларнинг ҳаммасини) билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур».

9:95 Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир.

9:96 Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди.

9:97 Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.

9:98 Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга) балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

9:99 Аъробийлар орасида Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига дохил қилажак. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.