Алоуддин Мансур — 200
9:80 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), хоҳ улар учун мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг — агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Аллоҳ уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлганларидир. Аллоҳ эса итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.
9:81 (Жиҳодга чиқишдан) қолган мунофиқлар Аллоҳнинг пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истамадилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир».
9:82 Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра Охиратда) кўп — абадий йиғласинлар!
9:83 Энди агар Аллоҳ сизни (Табук жангидан) қайтариб, улардан бирон тоифага (рўбарў қилса) бас, улар сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: «Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирор душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз, бас, яна қолгувчи кимсалар билан бирга ўтираверинглар».
9:84 Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар.
9:85 Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.
9:86 Қачон: «Аллоҳга иймон келтирингиз ва Унинг пайғамбари билан бирга жиҳод қилингиз», деган бирон сура нозил қилинса, улардан бой-бадавлат бўлган кимсалар сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар ва «Бизни қўйгин, анави қолгувчи (маъзур, узрли кишилар) билан бирга бўлайлик», дейдилар.