Алоуддин Мансур — 199
9:73 Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг. Уларнинг жойлари жаханнамдир. Нақадар ёмон оқибат бу!
9:74 Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва Исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарса (яъни, пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар. Улар (мунофиқлар) фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларни Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю Охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун Ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас!
9:75 Уларнинг орасида: «Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, албатта биз камбағалларга садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан бўлурмиз», деб Аллоҳга аҳд-паймон берадиган кимсалар ҳам бордир.
9:76 Энди қачонки (Аллоҳ) уларга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, унга бахиллик қилурлар ва юз ўгирган ҳолларида кетурлар.
9:77 Бас, (садақотлар берурмиз), деб Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз), деб ёлғон гапирувчи бўлганлари сабабли (Аллоҳ) уларга то Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача дилларида нифоқ бўлишини қисмат қилиб қўйди.
9:78 Улар Аллоҳ уларнинг яширган сирларини ҳам, ўзаро шивир-шивирларини ҳам билишини ва Аллоҳ ғайбни — кўринмас нарсаларни ҳам аниқ билувчи эканини билмадиларми?!
9:79 Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир.