Алоуддин Мансур — 198
9:69 (Эй мунофиқлар), сизлар ҳам худди сизлардан илгари ўтган (мунофиқлар)га ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ ва мол-мулк, бола-чақалари ҳам кўпроқ эди. Бас, (бу дунёдаги) ўз насибаларини кўрдилар. Сизлар ҳам, илгари ўтганлар насибаларини кўрганларидек, ўз насибангизни кўрдингиз ва улар шўнғиган нарсага (яъни, ноҳақ йўлга) шўнғидингиз. Уларнинг (яъни, барча мунофиқларнинг) қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетди. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир.
9:70 Уларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян аҳолисининг (яъни, Шуайб қавмининг) ҳамда зеру забар бўлган қишлоқларнинг (яъни, Лут қавми қишлоқларининг) ҳоли-хабари келмадими?! Уларга пайғамбарлари очиқ далил-ҳужжатлар келтирган эдилар (шунда улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, бу қавмлар устига Аллоҳнинг балолари ёғилган эди). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки ўзлари ўзларига зулм қилган эдилар.
9:71 Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.
9:72 Аллоҳ мўмин, мўминаларга остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар ва жаннат боғларидаги покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Ҳақиқий буюк бахтдир.