Алоуддин Мансур — 197
9:62 (Эй мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун (пайғамбарга озор бермадик, деб) Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар мўмин бўлганларида, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини рози қилмоқлари лойиқроқ иш эди.
9:63 Улар кимда-ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқса, унинг учун ўзи абадий қоладиган жаҳаннам оташи бўлишини ва бу улуғ-катта расволик эканини билмадиларми?!
9:64 Бу мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарсадан (яъни, мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан қўрқадилар-у (яна пайғамбар ва мўминларни) масхара қилиб куладилар. Айтинг: «Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаётган нарсани албатта (юзага) чиқаргувчидир».
9:65 Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?»[10]
9:66 Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз.
9:67 Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар.
9:68 Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир.