Алоуддин Мансур — 196
9:55 Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.
9:56 Улар ўзларининг сизлар билан бирга эканликларига Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, улар сизлардан эмасдирлар. Фақат улар қўрқоқ қавмдирлар (яъни, мунофиқликлари маълум бўлиб қолса, бошларига бошқа кофирларнинг куни тушиб қолишидан қўрқадилар).
9:57 Агар улар бирон бошпанами, ғорми ёки кирадиган бирон тешикми топсалар эди, чопганларича ўшанга қараб жўнаб қолган бўлур эдилар.
9:58 Уларнинг орасида садақотлар тўғрисида сизга таъна қилгувчи кимсалар ҳам бордир. Бас, агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса, бирдан норози бўлиб қоладилар.
9:59 Агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларга берган нарсага рози бўлишиб: «Аллоҳ биз учун кифоя қилур. Яқинда Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизга Ўз фазлу карамидан (мол-дунё ҳам, бахт саодат ҳам) берур, биз Аллоҳнинг Ўзига интилгувчи кишилармиз», десалар эди (ўзлари учун яхши бўлур эди).
9:60 Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.[9]
9:61 Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутгувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)», дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: («Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутгувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамати бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир».