>

Алоуддин Мансур — 193

9:37 Шак-шубҳасиз, (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром дейдилар. Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатиб қўйилди. (Чунки) Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.

9:38 Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират (неъматлари)дан юз ўгириб, ҳаёти дунё (лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарса-ку?!

9:39 Агар (жиҳодга) чиқмасангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблар ва ўрнингизга бошқа бир қавмни келтирур. Сизлар эса У зотга бирон зиён етказа олмайсиз. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

9:40 Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.[8]