>

Алоуддин Мансур — 192

9:32 Улар Аллоҳнинг Нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) ёмон кўрсалар-да, фақат Ўз нурини комил қилишни (яъни, ҳар тарафга ёйишни) истайди.

9:33 У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хоҳламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир.

9:34 Эй мўминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг![6]

9:35 У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур).

9:36 Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.[7]