Алоуддин Мансур — 190
9:21 Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат ва ризолик ҳамда улар учун бўладиган жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда доимий неъматлар бордир.
9:22 Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, фақат Аллоҳнинг ҳузуридагина улуғ ажр бордир.
9:23 Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир.
9:24 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтирганича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.
9:25 Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!
9:26 Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир.[4]