>

Алоуддин Мансур — 189

9:14 Улар билан жанг қилинглар, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб қилади ҳамда мўмин қавм дилларини қондиради.

9:15 Ва кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.

9:16 (Эй мўминлар), балки сизларнинг орангизда (ҳақ йўлда) курашган ва Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва мўминлардан ўзга бирон кимсани дўст тутмаган зотларни, Аллоҳ билмасдан (яъни, имтиҳон қилмасдан ўз ҳолига) қўйиб қўйишини ўйлагандирсизлар?! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9:17 Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчидирлар.[2]

9:18 Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар, ажабмас.

9:19 (Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидул-Ҳаромни обод қилишни — Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида курашган зотлар(нинг амалларига) тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.[3]

9:20 Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар.