>

Алоуддин Мансур — 188

9:7 Аллоҳ наздида ва Унинг пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон бўлсин?! (Яъни, ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар, демак, берган ваъдаларини бузаверадилар), магар сизлар Масжидул-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки, улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар.

9:8 (Улар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин? Ҳолбуки, улар агар устингизда ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Оғизларида сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишга) ибо-ор қилади. Уларнинг кўплари итоатсиздир.

9:9 Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг йўлидан (яъни, динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи бўлдилар.

9:10 Улар бирон мўмин хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Улар тажовузкор кимсалардир.

9:11 Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар. Биз оятларимизни биладиган қавм учун муфассал баён қилурмиз.

9:12 Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари ичган қасамларни бузаверадилар).

9:13 (Эй мўминлар), қасамларини бузган ва пайғамбарни (Маккадан) чиқариб юборишга қасд қилган ҳамда ўзлари аввал-бошда сизларга қарши (жанг қилишни) бошлаган кимсалар билан жанг қилмайсизларми?! Улардан қўрқасизларми?! Агар (ҳақиқий) мўмин бўлсангизлар, қўрқишингизга лойиқроқ зот Аллоҳ-ку, ахир?!