Алоуддин Мансур — 186
8:70 Эй пайғамбар, сизларнинг қўлингизда асир бўлган кишиларга айтинг: «Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (яъни, иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан (яъни, тўлаган товонингиздан) яхшироқ нарса берур ва сизларни мағфират қилур». Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
8:71 Агар улар сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар — бас, (билингизки) улар илгари Аллоҳга ҳам хиёнат қилган эдилар. Шунда Аллоҳ (сизни) уларга ғолиб қилди. Аллоҳ билим, ҳикмат Соҳибидир.
8:72 Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни, тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар). Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни, ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
8:73 Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни, мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур.
8:74 Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир.
8:75 (Сизлардан) кейин иймон келтириб ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга курашган зотлар — ана ўшалар сизлардандир. Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.