>

Алоуддин Мансур — 184

8:53 Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб — Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи эканлигидир.[8]

8:54 (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамлари ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди. Улар (Фиръавн одамлари) Парвардигорларининг оятларини ёлғон дейишгач, Биз уларнинг гуноҳлари сабабли ҳалок қилдик ва (денгизга) ғарқ этдик. (Чунки) ҳаммалари золим кимсалар эдилар.

8:55 Аллоҳнинг наздида энг ёмон жонзотлар кофир бўлган кимсалардир. Чунки, улар иймонсиздирлар.

8:56 Уларнинг орасида сиз билан аҳдлашиб, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқмасдан ҳар сафар ўз аҳд-паймонларини бузаверадиган кимсалар бордир.

8:57 Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни ҳалок қилиш билан ортларидаги кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар.

8:58 Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас.

8:59 Кофир бўлган кимсалар устун келдик, деб ҳисобламасинлар, улар (Бизни) ожиз қила олмайдилар. (Албатта, улар Аллоҳдан қилмишларига яраша жазо олурлар).

8:60 (Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур.

8:61 Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи, билгувчидир.