Алоуддин Мансур — 183
8:46 Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
8:47 Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир).[7]
8:48 Ўшанда, шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан ғолиб бўладиган бирон одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман», деди. Энди қачонки икки жамоат учрашганида эса, кетига қайтиб кетди ва: «Албатта, мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир», деди.
8:49 Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни, озгина одам билан шундай катта қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар»), дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу сўзлари нотўғридир) ким Аллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.
8:50 Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб, жонларини олаётган ва: «Ёндирувчи — дўзах азобини тотингиз!
8:51 Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир», деяётган пайтини кўрсангиз эди.
8:52 (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамларининг ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди: улар Аллоҳ оятларига кофир бўлишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли (азоб билан) ушлаган эди. Албатта, Аллоҳ қувват эгаси ва азоби қаттиқдир.