Алоуддин Мансур — 181
8:34 (Лекин агар) улар (иймонга келмасдан кишиларни) Масжидул-Ҳаромдан тўсар эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни, Сиз ва мўминлар Маккадан чиқиб кетганингиздан сўнг уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжидул-Ҳаромнинг) эгалари эмаслар. Унинг эгалари фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлардир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
8:35 Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди. Бас, (эй мушриклар, бугун — Бадрда) кофир бўлганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар.[5]
8:36 Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар жаҳаннамга тўпланурлар.
8:37 Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун (тўпланурлар). Ана ўшалар зиён кўргувчилардир.
8:38 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда аввалгиларининг суннатлари (яъни, кўргуликлари) ўтган-ку, (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар).
8:39 То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар, бас, албатта Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.
8:40 Агар (кофирлар иймондан) юз ўгирсалар, бас, (эй мўминлар), билингизки, шубҳасиз, Аллоҳ Хожангиздир. У зот нақадар яхши хожа ва нақадар яхши ёрдамчидир.