>

Алоуддин Мансур — 180

8:26 Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!

8:27 Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!

8:28 Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос. Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (яъни, унинг амру фармонига итоат этишдагина) улуғ ажр-савоб бордир.

8:29 Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.

8:30 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг зўридир.

8:31 Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.

8:32 Уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг![4]

8:33 Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар (мўминлар) мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!