>

Алоуддин Мансур — 18

2:113 Яҳудийлар: «Насронийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ Қиёмат Кунида ҳукм қилади.

2:114 Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларда кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, Охиратда эса буюк азоб бордир.

2:115 Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз Аллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи Билимдондир.

2:116 «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот буларнинг бадгумонидан мутлақо покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунади.

2:117 (У) Еру осмонларни пайдо қилгувчидир. Бирор ишни ҳукм қилса унга фақатгина «Бўл» дейди, холос. Бас, у иш бўлади.

2:118 Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор аломат келса эди», дейдилар. Улардан илгаригилар ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтишган эди. Диллари бир-бирига ўхшайди. Биз аниқ ишонадиган қавм учун оятларни баён қилдик.

2:119 Албатта Биз сизни ҳақ (дин) билан хушхабар элтгувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзахилар хусусида сиз масъул эмассиз.