>

Алоуддин Мансур — 178

8:9 Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди.

8:10 Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.

8:11 Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув — ёмғир ёғдирган эди.

8:12 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди.

8:13 Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.

8:14 (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир) бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир.

8:15 Эй мўминлар, кофирларнинг ҳужумига дуч келганингизда, уларга орқа ўгирманглар (яъни, қочманглар).

8:16 Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!