Алоуддин Мансур — 177
8:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз![1]
8:2 Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар.
8:3 Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар.
8:4 Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир.
8:5 (Бу ўлжа тақсимотида чиққан можаро) худди мўминлардан бир гуруҳи (урушни) аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида, Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чиқарганга ўхшайди.
8:6 (Ўшанда) улар гўё кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар.[2]
8:7 Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни, карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни, карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз сўзлари билан ҳақиқатни муқаррар этишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди.
8:8 (Аллоҳ), гарчи жиноятчи — осийлар ёмон кўрсалар-да, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун (шундай ирода қилган эди).