>

Алоуддин Мансур — 174

7:179 Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.

7:180 Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар.

7:181 Биз яратган зотлар орасида (одамларни) ҳақ (дин) билан ҳидоят қиладиган ва ҳақ (ҳукм) билан адолат қиладиган бир жамоат ҳам бордир.

7:182 Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ўзлари билмай қоладиган тарафдан секин-аста ҳалокатга олиб борурмиз.

7:183 (Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўюрман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир.

7:184 Улар ҳамроҳларида (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломда) ҳеч қандай жунун йўқлигини ўйламайдиларми?! У фақат (Аллоҳнинг азобидан) ошкора огоҳлантиргувчи Зотдир.

7:185 Самовот ва Ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни, унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга ишонадилар-а?!

7:186 Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Аллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур.

7:187 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан Соат (яъни, Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни, Қиёмат) самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар».