>

Алоуддин Мансур — 173

7:171 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Тур тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё бир соябондек кўтариб туриб, улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган ҳолларида: «Биз сизларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва тақводор бўлишингиз учун ундаги оятларни ёдда тутингиз!», деган пайтимизни эсланг!

7:172 Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни, пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир.

7:173 Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан», демасликларингиз учундир.[8]

7:174 Шояд (куфрларидан) қайтсалар, деб оятларни мана шундай муфассал қилурмиз.

7:175 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у қимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни, уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди.

7:176 Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни, молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг.[9]

7:177 Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди ва улар ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар.

7:178 Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчидирлар.