>

Алоуддин Мансур — 172

7:164 Ўшанда улардан бир жамоат: «Не сабабдан Аллоҳнинг Ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?» деганларида, улар (яъни, иккинчи тоифадаги одамлар) айтдилар: «Парвардигорингизга (Қиёмат Кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)».

7:165 Бас, қачон улар (яъни, итоатсиз кишилар) ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик.

7:166 Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик.

7:167 Ўшанда Парвардигорингиз албатта уларнинг устига Қиёмат Кунигача ёмон азоб билан азоблайдиган зотларни юборишини билдирган эди. Шубҳасиз, Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўминларни эса) мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

7:168 Уларни (яҳудийларни) бутун Ер юзига жамоа-жамоа қилиб бўлиб юбордик. Уларнинг ораларида яхшилари (иймонга келганлари) ҳам, ундай эмаслари (иймонсизлари) ҳам бордир. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонликлар (балолар) билан синаб кўрдик.

7:169 Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган бир авлод келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар мағфират қилинурмиз», дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан Китобда (Тавротда) Аллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди? Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!

7:170 (Уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта Биз ўзларини тузатгувчи кишиларнинг ажр-мукофотларини зое қилмагаймиз.