Алоуддин Мансур — 171
7:160 Уларни (яъни, Мусо қавмини) жамоа-жамоа қилиб ўн икки уруғ — авлодга бўлиб юбордик ва Мусога қавми ундан сув сўраган пайтида: «Асоинг билан тошни ургин!», деб ваҳий юбордик. Бас, ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди — ҳамма одамлар ўз сувларини билдилар. Уларга (саҳрода) булутни соябон қилдик ва устларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: «Сизларни баҳраманд қилган пок нарсаларимиздан енглар», дедик. Улар (берган неъматларимизга ношукр бўлишлари билан) Бизга жабр қилмадилар, балки ўзларига жабр қилгувчи бўлдилар.
7:161 Уларга: «Мана шу шаҳарни (Байтул-Муқаддасни) маскан тутингиз ва ундан хоҳлаган жойингизда таомланингиз ҳамда «кечиргин» деб шаҳарга дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз! (Шунда) гуноҳларингизни мағфират қилурмиз, чиройли амал қилгувчиларга эса (марҳаматимизни) зиёда қилурмиз», деган пайтимизни эсланг!
7:162 Бас, улардан золим бўлган кимсалар ўзларига айтилган («кечиргин») сўзини бутунлай бошқа бир сўзга алмаштирдилар. (Шундан кейин) уларга золим бўлганлари сабабли осмондан азоб юбордик.
7:163 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида — шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни, манъ қилинганига қарамасдан шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг. Ўшанда, шанбалик қилган (яъни, балиқ овламаган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбалик қилмаган кунларида (яъни, шанбадан бошқа кунларда) эса келмас эди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз.[7]