Алоуддин Мансур — 17
2:106 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми?
2:107 Еру осмонлар ёлғиз Аллоҳнинг мулки эканини ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ёки ёрдамчи йўқ эканини билмадингизми?
2:108 (Эй мўминлар), ёки сизлар ҳам ўз Пайғамбарингиздан, илгари Мусодан сўралган нарсаларни сўрашни истайсизми ? Ким иймонга куфрни алмаштирса, албатта Тўғри Йўлдан адашади.
2:109 Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни афв қилинг ва кечиринг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
2:110 Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Шубҳасиз Аллоҳ қилган амалларингизни кўриб тургувчидир.
2:111 «Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. (Яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтиринглар!»
2:112 Йўқ, ким яхшилик қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.