>

Алоуддин Мансур — 169

7:150 Қачонки Мусо қавмига (уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва ғамгин бўлган ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолувчи (халифа) бўлдингиз. Парвардигорингизнинг амр-фармонидан (у етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?» деб (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг боласи — биродарим», бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин.

7:151 (Мусо) деди: «Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан».

7:152 Шубҳасиз, бузоқни («худо» қилиб) ушлаб олган кимсаларга Парвардигорлари тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз.

7:153 Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва иймон келтирган кишилар учун эса албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

7:154 Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳларни (ердан) олди — унда Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлур, деб битилган эди.

7:155 Мусо Бизнинг белгилаган вақтимизга (ҳузуримизга) олиб келиш учун ўз қавмидан (бузоққа сиғинмаган) етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: «Парвардигорим, агар хоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам илгари (яъни, улар бузоққа сиғинаётган пайтларида) ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу (яъни, уларнинг бузоққа сиғинишлари) фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишини ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг Хожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла. Ўзинг мағфират қилгувчиларнинг энг яхшисидирсан.