>

Алоуддин Мансур — 168

7:144 Аллоҳ айтди: «Эй Мусо, ҳақиқатан Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни (яъни, пайғамбарликни) олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»

7:145 Унинг учун лавҳларга (яъни, Таврот варақларига) ҳамма нарсани — панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлаган ҳамда қавмингни у панд-насиҳатларнинг энг гўзалларини олишларига буюргин» (дедик). Энди сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини кўрсатурман.

7:146 Энди Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри Йўлни кўрсалар уни (ўзлар учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат — ноТўғри Йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман). Бунга сабаб улар Бизнинг оятларимизни ёлғон деганлари ва у оятлардан ғофил бўлиб олганларидир.

7:147 Бизнинг оятларимизни ва Охиратдаги мулоқот (Қиёмат)ни ёлғон деган кимсаларнинг қилган амаллари беҳуда кетар. Улар фақат ўзларининг амаллари (яъни, куфру исёнлари) билан жазоланурлар.

7:148 Мусонинг қавми ундан кейин (яъни, у Тур тоғига Аллоҳга муножот қилиш учун кетганидан кейин) ўзларининг безак буюмларидан бир бузоқни — маърайдиган бир бузоқ жасади(нинг шаклини ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) — у ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?! — улар ўшани (ибодат қилиш учун) ушлаб, (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.

7:149 Қачонки қўлга тушишгач (яъни, бузоқ худо эмаслигини билишиб, ҳафсалалари совугач) ва ўзларининг йўлдан озганликларини билгач, айтдилар: «Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва (бу гуноҳимизни) мағфират қилмаса, албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз».