Алоуддин Мансур — 166
7:131 Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилигимиз (осойишта ҳаёт, унумдорлик) келса: «Бунга ўзимиз ҳақдормиз», дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар. Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг кўргуликлари (яъни, улар кўрадиган яхшиликлар ҳам, ёмонликлар ҳам) фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
7:132 Улар (Мусога): «Бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар.
7:133 Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи — осий қавм бўлдилар.
7:134 Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач: «Эй Мусо, Парвардигорингга сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати, дуо қил! Қасамки, агар бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта сенга (пайғамбарлигингга) иймон келтирурмиз ва Бани Исроилни сен билан бирга (ўз ватанларига) жўнатурмиз», дедилар.
7:135 Энди улардан бу азобимизни (улар) ўзлари етиб боргувчи бўлган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) кўтарганимизда эса, баногоҳ (ичган қасамларини) бузиб турибдилар.
7:136 Бас, Биз улардан интиқом олдик — оятларимизни ёлғон деганлари ва улардан ғофил бўлганликлари сабабли денгизга ғарқ қилдик.
7:137 (Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бечора қавмни (яъни, Бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. Сабр-тоқат қилганлари сабабли Бани Исроилга Парвардигорингизнинг («Бу ердан бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз», деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик.