>

Алоуддин Мансур — 163

7:96 Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик.

7:97 У қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?)

7:98 Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар?

7:99 Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур.[3]

7:100 Бу ерга (илгариги) эгаларидан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларни, агар хоҳласак, гуноҳлари сабабли мусибат етказиб қўйишимиз маълум эмасми? Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар.

7:101 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ўша қишлоқлар — уларнинг хабарларидан сўйлаётирмиз. Албатта, уларга пайғамбарлари ҳужжат-мўъжизалар келтирганлар, аммо улар илгари (яъни, мўъжизалар келмай туриб, пайғамбарларини) ёлғончи қилганлари сабабли (мўъжизалар келгандан кейин ҳам) иймон келтирувчи бўлмадилар. Аллоҳ кофирларнинг кўнгилларини ана шундай муҳрлаб қўюр.

7:102 Уларнинг аксарида бирон аҳд (яъни, аҳдга вафодорликни) топмадик ва мудом уларнинг аксарини итоатсиз ҳолда топдик.

7:103 Сўнгра — улардан кейин Мусони Ўз оятларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик, улар (у оятларга) золим-кофир бўлдилар. Ана энди бузғунчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг.

7:104 (Мусо) деди: «Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигоридан элчиман.