>

Алоуддин Мансур — 161

7:82 Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: «Уларни (яъни, Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан».

7:83 Бас, унга ва аҳлига (яъни, Лут ва унга тобеъ бўлган зотларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у Аллоҳнинг азобида) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди.

7:84 Уларнинг устига даҳшатли ёмғир — тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи — осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.

7:85 Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз тарафидан ҳужжат (яъни, дин) келди. Бас, ўлчов ва тарозини комил қилиб (тортингиз) ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолмангиз ҳамда Ер (юзи пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда (кофирлик билан) бузғунчилик қилиб юрманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир.

7:86 Ҳар кўчада (одамларни) қўрқитиб ва Аллоҳга иймон келтирган зотларни Унинг йўлида тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирмангиз! Озчилик (яъни, куч-қувватсиз, ночор) бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини (яъни, куч-қудратли, азиз қилганини) эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.

7:87 Агар сизлардан бир тоифа мен билан юборилган динга иймон келтирувчи бўлиб, бошқа бир тоифа эса иймон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқаргунича (яъни, ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги маълум бўлгунича) сабр қилингиз. У ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир».