>

Алоуддин Мансур — 16

2:102 Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудий сеҳргарлар) сеҳр билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди.

2:103 Агар улар иймонга келиб Аллоҳдан қўрқсалар, Аллоҳ тарафидан бўладиган савоб, албатта яхшироқ бўлишини билсалар эди.[16]

2:104 Эй мўминлар, «Роъино» деманг. «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий-фармон-таъқиқларига) қулоқ солинг! Кофирлар учун аламли азоб бор.[17]

2:105 На аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизга Парвардигорингиз тарафидан бир яхшилик (яъни ваҳий) тушишини истамайдилар. Аллоҳ эса раҳмат-марҳаматини ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам Соҳибидир.