Алоуддин Мансур — 153
7:23 Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар.
7:24 Аллоҳ айтди: «Бир-бирингизга (яъни, шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз! Энди сизлар учун маълум бир вақтгача (яъни, ажалингиз етгунча) Ерда қарор топиб фойдаланиш бор.
7:25 Аллоҳ айтди: Унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар.
7:26 Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир. Бу — Аллоҳнинг (фазлу марҳаматига далолат қилгувчи) оятларидандир. Шояд эслатма (панд-насиҳат) олсалар.
7:27 Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни, уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни, қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта, Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз.
7:28 Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган», дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?!»
7:29 Айтинг: «Парвардигорим адолатга буюргандир. Ҳар бир сажда чоғида ўзларингизни тикиб қўйингиз (яъни, бор вужудингиз билан сидқидилдан сажда қилингиз) ва У зотга динингизни холис қилган ҳолда илтижо этингиз. Сизларни бошлаб яратган ҳолига қайтурсиз (яъни, аввал сизлардан йўқдан бор қилгани каби Қиёмат Кунида яна ҳисоб-китоб учун қабрларингиздан чиқарур.)
7:30 У бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқа бир гуруҳга эса йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутиниб олганлар-да, яна ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.