Алоуддин Мансур — 152
7:12 (Аллоҳ) деди: «Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?» «Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди у.
7:13 (Аллоҳ) деди: «У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!»
7:14 «Менга улар тириладиган Кунгача (Қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди у.
7:15 (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан».
7:16 У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман.
7:17 Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан».
7:18 (Аллоҳ) айтди: «Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман.
7:19 Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз.
7:20 Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: «Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди», деди.
7:21 Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди.
7:22 Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!»