>

Алоуддин Мансур — 15

2:94 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳ ҳузурида Охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлишни орзу қилинглар!»

2:95 Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қилолмайдилар. Аллоҳ золимларни билгувчидир.

2:96 Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки, узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб тургувчидир.

2:97 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди.

2:98 Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир.

2:99 Ҳақиқатан Биз сизга очиқ-ойдин оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.

2:100 Ҳар қачон бирон аҳдга аҳдлашсалар улардан бир гуруҳи бузаверадими? Ҳақиқатан уларнинг кўпи иймонсизлардир.

2:101 Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар келса, китоб (Таврот) берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китобини (Қуръони Каримни) ҳеч нарса билмагандек орқаларига отадилар.