Алоуддин Мансур — 148
6:147 Энди агар сизни ёлғончи қилсалар, айтинг: «Парвардигорингиз чексиз меҳрибондир, аммо Унинг азоби бирон жиноятчи қавмдан қайтарилмас».
6:148 Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!»
6:149 Айтинг: «Етук ҳужжат фақат Аллоҳнинг ҳужжатидир. Бас, агар хоҳлаганида барчангизни ҳидоят қилган бўлур эди».
6:150 Айтинг: «Аллоҳ мана шу (мазкур нарсаларни) ҳаром қилганига гувоҳлик берадиган гувоҳларингизни келтирингиз!» Энди агар улар гувоҳлик берсалар ҳам, сиз улар билан гувоҳлик берманг (яъни, уларнинг берган гувоҳликларига ишонманг)! Ва Бизнииг оятларимизни ёлғон дейдиган, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар.
6:151 Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз, — сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз — бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди».