Алоуддин Мансур — 147
6:143 Саккизта жуфтни (яратди). Қўйдан иккини (яъни, эркак ва урғочини), эчкидан иккини (яратди). Ўзларича ҳаром қилиб олувчи мушрикларга айтинг: «(Аллоҳ бу ҳайвонлардан) иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг бачадонларида бўлган ҳомиланими?! Агар ростгўй бўлсангизлар, бирон ҳужжат билан менга хабар беринглар-чи?!»
6:144 Туядан иккини, қора молдан иккини (яратди). Айтинг: «Иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг қоринларида бўлган ҳомиланими?! Ёки Аллоҳ сизларни шунга (яъни, ҳаром қилишга) буюрган пайтида гувоҳ бўлганмидингизлар?! Билмаган ҳолда одамларни йўлдан оздириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!» Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
6:145 Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўқилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса — чунки у ҳаромдир, ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун, у нарсалардан ейиш билан гуноҳкор бўлмас, зеро) Парвардигорингиз мағфиратли, меҳрибондир».
6:146 Яҳудий бўлган кимсаларга барча туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол-қўйдан улар учун ёғларни ҳаром қилдик. Магар биқинларидаги ё ичларидаги, ёки суякка аралашган ёғларгина (ҳаром эмасдир). Золимликлари сабабли уларни шундай жазоладик. Албатта, Биз рост сўзлагувчимиз.