>

Алоуддин Мансур — 144

6:125 Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр. Шунингдек, Аллоҳ иймонсиз кимсаларга разолатни (ғолиб) қилур.[8]

6:126 Мана шу Парвардигорингизнинг Тўғри Йўлидир. Эслатма-ибрат олгувчи қавм учун оятларни батафсил қилдик.

6:127 Улар учун Парвардигорлари ҳузурида дорус-салом (тинчлик диёри яъни, жаннат) бордир. Қилиб ўтган яхши амаллари сабабли У зот (Аллоҳ) уларнинг дўстидир.

6:128 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, эсланг, Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз)», дер. Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Парвардигоро, бизлар бир-биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик», деганларида, Аллоҳ айтур: «Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳнииг хоҳиши билангина (чиқишингиз мумкин)». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим Соҳибидир.

6:129 Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз.

6:130 Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ва сизларни мана шу (яъни, Қиёмат) кунингиздаги учрашувдан қўрқитган ҳолларида келмадиларми? Улар: «Ўзимизнинг зиёнимизга гувоҳмиз (яъни, ўша пайғамбарлар келган эди)», дедилар. Уларни ҳаёти дунё алдаб қўйди ва кофир эканликлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бердилар.