>

Алоуддин Мансур — 142

6:111 Агар биз уларга фаришталарни туширсак ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирсалар ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўпласак ҳам, иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Аллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.

6:112 Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!

6:113 Ундай сўзларга Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун (у шайтонлар васваса қиладилар).[7]

6:114 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга айтинг): «Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг Ўзи сизларга бу Китоб (Қуръонни) муфассал нозил қилган зот-ку?» Биз Китоб берган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) унинг (Қуръоннинг) Парвардигорингиздан ҳаққи рост нозил қилинганини билурлар. Бас, ҳаргиз шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг!

6:115 Парвардигорингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир.

6:116 Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос.

6:117 Албатта, Парвардигорингиз Унинг йўлидан адашган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳақ йўлда юргувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.

6:118 Бас, агар Аллоҳнинг оятларига иймон келтиргувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан (яъни, Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан) еяверинглар.