Алоуддин Мансур — 141
6:102 Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил — муҳофаза қилгувчидир.
6:103 Кўзлар Унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ Зотдир.
6:104 Сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар келмишдир. Ким (уларни) кўрса, ўзи учун кўрур. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зиёндир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман.
6:105 (Кофирлар: «Аввалги китоблардан ўрганиб олганса?»), дейишлари учун ва биладиган қавмга равшан қилиб бериш учун оятларимизни мана шундай баён қилурмиз.
6:106 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиздан сизга ваҳий қилинган нарсаларга эргашинг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Мушриклардан юз ўгиринг!
6:107 Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улар мушрик бўлмаган бўлур эдилар. Биз сизни уларнинг устида қўриқчи қилиб қўйганимиз йўқ. Сиз уларнинг устида вакил ҳам эмассиз!
6:108 Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, У зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур.
6:109 Улар агар бирон оят — мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичдилар. Айтинг: «Оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир». Қаердан билурсизлар (эҳтимол) оят келган вақтда ҳам иймон келтирмаслар.
6:110 Ва худди аввал-бошда унга (яъни, Аллоҳнинг оятларига) иймон келтирмаганлари каби уларнинг дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз.