>

Алоуддин Мансур — 140

6:95 Албатта, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб-ундиргувчидир. У зот ўликдан тирикни чиқарур, ўликни тирикдан чиқаргувчидир. Ана ўша зот Аллоҳдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?![6]

6:96 (У зулматни ёриб) тонгни чиқаргувчидир. У кечани сукунат ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу қудратли ва билгувчи Зотнинг ўлчовидир.

6:97 У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган Зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.

6:98 У сизларни бир жондан (Одам алайҳиссаломдан) пайдо қилган Зотдир. Бас, (сизлар учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонат турадиган жойдир. Англайдиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.

6:99 У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув ёрдамида ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёҳларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни, бошоқларни) чиқарурмиз. Хурмо новдаларидан (йиғиб-териб олгувчилар учун) яқин бошлар-ғужумлар (бўлур). Яна узумзор боғларни ҳамда (барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз). (Эй инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган ҳолига боқинг! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар мавжуддир.

6:100 Аллоҳга жинларни шерик қилдилар (яъни, жинларни ҳам худо деб билдилар). Ҳолбуки, уларни (Аллоҳнинг) Ўзи яратган эди. Яна Унинг учун билмаган ҳолларида ўғил-қизлар «яса?» олдилар. У зот булар сифатлаётган нарсалардан (шериклар ва болалардан) пок ва юксакдир.

6:101 У осмонлар ва Ерни пайдо қилгувчидир. Унинг жуфти йўқ-ку, қаёқдан боласи бўлсин! У ҳамма нарсани яратди ва У ҳамма нарсани билгувчидир.