Алоуддин Мансур — 137
6:74 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Иброҳим отаси Озарга: «Бутларни худо қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан», деган эди.
6:75 Шундай қилиб Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва Ер мамлакатларини кўрсатурмиз.
6:76 Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди.[5]
6:77 Бас, қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди.
6:78 Бас, қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!» деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман.
6:79 Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда, юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди.
6:80 Қавми у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!», деди.
6:81 «Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга ширк қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?»