>

Алоуддин Мансур — 136

6:69 Тақво қилгувчи зотлар зиммасида у (қавм)нинг ҳисоб-китобидан ҳеч нарса йўқ, лекин улар (оятларимизни масхара қилишдан) сақланишлари учун (тақводор зотлар уларга) эслатиб қўймоқлари (лозимдир).

6:70 Динларини ўйин-ҳазил қилиб олган, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсаларни тарк қилинг! Ва уни (яъни, Қуръонни, одамларга) эслатиб қўйинг! Токи бирон жон (Қиёмат Кунида) касб қилган (гуноҳлари) сабабли ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган, агар бор нарсани берса ҳам — ундан қабул қилинмайдиган ҳолда, ҳалокатга ташланмасин. Қилган амаллари сабабли (Аллоҳнинг азобига) ташланган ана ўша кимсалар учун қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир.

6:71 Айтинг: «Аллоҳдан ўзга, бизга фойда ҳам, зиён ҳам келтирмайдиган нарсага илтижо қиламизми ва Аллоҳ бизни ҳидоят қилганидан сўнг яна ортимизга қайтариламизми? Худди жинлар чалиб, лол-ҳайрон ҳолда (номаълум) Ерга олиб кетган ва дўстлари: «Кел», деб ҳидоятга чорлаётган кимсага ўхшаб-а?» Айтинг: «Аллоҳнинг Йўлигина Тўғри Йўлдир. Биз барча оламлар Парвардигорига бўйинсунишга маъмурмиз (амр этилганмиз)».

6:72 (Бизларга) «Намозни тўкис адо қилингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз (деб буюрилгандир). У (ҳаммангиз Қиёмат Кунида) ҳузурига тўпланадиган Зотдир.

6:73 У осмонлар ва Ерни ҳаққи рост яратган Зотдир. У: «Бўл», деган куни (барча нарса пайдо) бўлур. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган (яъни, Қиёмат қойим бўладиган) кунда подшоҳлик ёлғиз Уникидир. У ғайб ва шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабардор бўлган Зотдир.